21/01/2024
Охирги пайтларда Умра ширкатлари, Умра зиёрати сафарларида “Қизил денгиз” га саёҳатни ҳам таклиф қилишаяпти.
Шу сабаб баъзилар бу саёҳатни Умра амалларидан бири деб тушунса, баъзилар буни аксини айтаяпти. Табиий бунинг ортидан бўлажак зиёратчиларда Тур ширкатларга нисабатан саволлар туғилаяпти.
Келинг қуйида айни шу мавзуда баъзи мулоҳазаларимни сиз билан ўртоқлашсам.
Умра сўзи луғатда “зиёрат қилиш” маъносини англатиб, махсус шартлар билан Байтуллоҳни зиёрат қилиш тушунилади.
Умранинг Ҳаждан фарқлари:
– Умра фарз эмас балки суннат;
– Умранинг муайян вақти йўқ;
– Арофатда туриш йўқ;
– Муздалифада туриш йўқ;
– Шайтонга тош отиш йўқ;
– Икки намозни жамлаш йўқ;
– Хутба йўқ;
–Тавофи қудум ва видо йўқ.
Умра ибодатида қуйдаги амаллар бажарилади:
- Эҳром боғланади;
- Каъба тавоф қилинади;
- Сафо ва Марва орасида саъй қилинади;
- Соч тўлиқ олдирилади ёки қисқартирилади. Шу билан умра амали тўлиқ якунига етади.
Агар, умрачи ўтганлар ёки биродарлари номидан Умра қилмоқчи бўлса, миқодга қайта бориб яна эҳром боғлаб, амалларни қайта бажаради.
Юқорида ёзилганидак Умра амаллари фақат Макка шаҳрида, Масжидул ҳарам худудида амалга оширилади. Ҳатто Мадина шаҳри зиёрати ҳам Умра амаллари ичида йўқ.
Энди бевосита юқоридаги “Қизил денгиз” саволига қайтсак.
Аксар ҳолларда тур ширкатлар томонидан “Қизил денгиз” га саёҳат бонус сифатида тақдим этилиб, ушбу саёҳатга алоҳида тўлов ундирилмайди. Бунда иккита мақсад бор.
1. Йиллар давомида пул йиғиб, илк бор мамлакат ташқарисига чиққан ҳамюртларимизга ибодат билан бирга, дунёнинг бошқа ерларини ҳам кўрсатиш, ундан ташқари баъзи астма, аллергик касали бор зиёратчилар учун денгиз саёҳатини уюштириш.
2. Ушбу муборак ерларнинг дунё ва динлар тарихида муҳим ўрин эгаллаган ҳар ерини максимал даражада одамларга кўрсатиш. Зеро зиёрат ва саёҳатдан мурод ҳам тарихни англаш, Аллоҳга яқинлашиш ва ўзни топишдир.
Яна бир 3 - сабаб ҳам борки бу ҳозирда, тур фирмалар орасидаги маркетинг рақобатдир.
Энди бевосита “Қизил денгиз” тарихи хақида тўхталсак:
ҚИЗИЛ ДЕНГИЗ — Ҳинд океанининг материклар оралиғидаги денгизи бўлиб, Африка ва Арабистон ярим ороли оралиғида, Миср, Судан, Эритрея, Фаластин, Иордания, Саудия Арабистони ва Яман давлатлари қирғоқларига туташган.
Самовий китоблар Таврот, Инжил ва Қуръонда, ҳазрати Мусо (а.с.) ўз қавми билан Фиръавн таъқибидан қочиб, Қизил денгиз қирғоғига келиб, илоҳий ваҳийга биноан ҳассаларини денгизга уришлари билан, Аллоҳнинг иродаси ила сув иккига бўлиниб, ўртада йўлак ҳосил бўлиши ва Мусо (а.с.) одамлари билан бу йўлдан соғ-омон ўтиб олишлари, Фиръавн қўшинлари эса
“йўл”нинг ярмига етганда денгиз суви Аллоҳнинг амри билан қайтадан бирлашиб, тўлқин бутун бошли қўшин ва Фиръавнни ўз домига тортиши тасвирланган.
Қуръонинг «Юнус» сурасининг 90-оятида бу ҳодиса қуйидагича баён этилган:
«Биз Бани Исроилни денгиздан ўтказганимиздан кейин уларга зулму-зўравонлик қилиш учун Фиръавн ва унинг лашкари қувиб етди. Энди унга (Фиръавнга денгизда) ғарқ бўлиш пайти етганида эса у деди: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Бани Исроил иймон келтирган зот — Аллоҳгина борлигига иймон келтирдим. Мен мусулмонлардандирман —Аллоҳга бўйинсунувчилардандирман"».
Лекин Аллоҳ ўзини худо деб даъво қилиб келган Фиръавннинг бу иймонини, тавба-тазаррусини қабул қилмайди.
Кейинги ояти каримада шундай дейилади:
«Энди-я! Ахир сен илгари (яъни, шу пайтгача) итоатсизлик қилган ва бузғунчи кимсалардан бўлган эдинг-ку!».
Ва у денгизга ғарқ бўлади.
Шу суранинг 92-оятида эса воқеанинг давоми бундай баён этилади. Яъни, сувга ғарқ бўлган Фиръавнга Аллоҳ: «Мана бугун ўзингдан кейинги кишиларга оят-ибрат бўлишинг учун сенинг жасадингни қутқарурмиз. Дарҳақиқат, кўп одамлар бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар (яъни, улардан ибрат ололмайдилар)», —деб хитоб қилади.
Олимларнинг айтишича Британия музейидаги Фираъавннинг жасади айнан Қуръонда тилга олинган жасад сифатида сақланиб келинмоқда.
Албатта, бу фикрлар билан Умрага борган одам бошқа ерларни зиёрат қилсин деган таъкидимиз йўқ.
Аслида ушбу зиёратда, бир ракати учун 100 минг ажр берадиган Масжидул Ҳарамда, бир ракати учун 50 минг савоби бор Масжидун Набавийда кўпроқ вақтни ўтказиш, Каъбани қайта нафл тавоф қилишдан кўра улкан савоб йўқ.
Аммо одамлар орасида тарқалган турли шов-шувларга сал бўлса-да ойдинлик киритишни мақасад қилдик, холос. Ахир бир умрга таътигулик ушбу сафарга қайта келиш ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди.
Bekhzod Abdurakhmanov