20/01/2022
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ҳимоясида.
Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш энг асосий масалалардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакатимизда 800 мингга яқин ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилмоқда. Шу жиҳатдан мамлакатимизда сўнгги йилларда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилиб, улар учун ҳар томонлама имконият яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб беради. “Инсон – жамият – давлат” тамойили асосида олиб борилаётган барча ислоҳотлар марказида “инсон қадри ва унинг манфаатлари” деган ҳаётбахш ғоя намоён бўлади. Шунга асосан, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қаторида ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича янги бир ҳуқуқий тизим яратилди. Унга кўра, ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари белгиланди. Ногиронлик ижтимоий ҳимоя ёки тиббиёт муаммоси эмас, балки, биринчи навбатда, инсон ҳуқуқлари масаласи сифатида таърифланди. Жумладан, республикамиз аҳолиси таркибини 100,0 мингдан ортиқ 16 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар ташкил этишини инобатга олсак, уларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва мустақил ҳаётда ўз ўрнига эга бўлиши учун имтиёзлар яратилди. Улар қуйидаги ҳуқуқий ҳужжатларда белгилаб берилди:
Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Ушбу Фармоннинг ўзига хослиги шундаки, “ногиронлик белгиси бўйича камситишга йўл қўймаслик, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда тенг шароитларни ва уларни бузганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш” белгилаб қўйилди. Қолаверса, фармон билан “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар” дастури тасдиқланди. Ушбу дастурда 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда икки фоизли квота ажратиш тартиби жорий этилди. Бу квоталарни олий таълим муассасалари томонидан шакллантириш вазифаси белгиланди. Шунингдек, олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча квота асосида ўқишга қабул қилиш тоифасига умумий ўрта таълим ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатга ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги тўғрисида белгиланган тартибда берилган шаклдаги маълумотномага эга шахслар кириши белгиланди.
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 июндаги Қарори билан “Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди. Ушбу Низомда олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартиби белгиланди. Қолаверса, Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча квота асосида ўқишга қабул қилиш тоифаси белгиланди. Унга кўра, умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси (академик лицей, касб-ҳунар коллежи)ни тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатга ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги тўғрисида белгиланган тартибда берилган шаклдаги маълумотномага эга ногиронлар таркиби белгиланди.
Учинчидан, 2020 йил 15 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Бу қонун ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Қолаверса, мазкур қонундаги асосий янгилиги — бу илгари Ўзбекистон қонунчилигида бўлмаган “ногиронлик белгисига кўра камситиш” тушунчаси киритилди. Шунингдек, мазкур қонуннинг 6-бобида ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, ушбу шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш белгиланган. Жумладан, қонуннинг 38-моддасида “Ногиронлиги бўлган шахслар барча даражалардаги таълим ташкилотларида таълим олиш ва ўз қобилиятини янада тўлиқроқ ривожлантириш учун бутун умри давомида таълим олиш ҳамда жамият ва давлат ҳаётида иштирок этиш ҳуқуқига эга” эканлиги белгилаб қўйилган.
Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда 2021 йил 23 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Ушбу қарорларнинг амалий аҳамияти шундаки, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ҳамоҳанг равишда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, уларни меҳнат фаолиятига кенг жалб қилиш орқали ҳаёт сифати ва даражасини ошириш ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун янги иш ўринларини яратиш механизмлари белгилаб берилган.
Усмонжон Бўтаев,
“Истиқбол” тадқиқот маркази ННТ раҳбари