11/11/2021
Хориждаги ҳамюртимга блиц-саволлар
👩💼 Диловар Ражабова – “Toastmasters International” халқаро нотижорат таълим ташкилотининг Туркиядаги PR бўйича вице-президенти, “Women’s Education” аёллар таълим маркази раҳбари.
1️⃣ Туркиянинг сизга ёққан ва ёқмаган жиҳатлари қайсилар?
– Туркияда ўзининг шахс сифатида ривожланишига, ўзини кашф этишга эътибор қаратадиган, дунёнинг бугунги ва келажакдаги манзарасидан хабардор бўлишга ҳаракат қиладиган, инсоннинг шахси, жинси, ирқи, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар уни танқид қилмай тушуна оладиган, ҳурмат қила оладиган кўпгина инсонлар борки, уларнинг суҳбатида бошқа сайёрада ҳис этаман ўзимни.
Зиёли қатламининг аксарияти, айниқса аёллар ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши танийди, ҳеч қандай ташкилот уларга ўз касбий вазифасидан ташқари мажбуриятлар юклолмайди, эркинлигига ҳам дахл қилолмайди. Бу улардаги мен ҳавас билан қарайдиган жиҳатлар.
2️⃣ Туркияликлардан нимани ўрганиш мумкин?
– Сўз бир миллат ҳақида борар экан, ўзингиз тасаввур қилаверинг буёғини. Умумлаштирувчи хулосаларни унчалик хушламайман, шундай бўлса ҳам туркларда суҳбатдошига нисбатан очиқ чеҳрали лутф, назокат кўрсатишини ўргансак, ҳаётимиз янада енгиллашади, гўзаллашади деб ўйлайман. Яна бир жиҳат: бу ерда болаларининг қарорлари, танловларига ҳурмат билан қарайдиган ота-оналар анчагина.
3️⃣ Туркиянинг “ташриф қоғозлари” нима ёки қаер?
– Туркиянинг ташриф қоғозлари сизнинг сафар мақсадингизга кўра ҳар хил бўлиши мумкин: масалан, тарихга қизиққан бири сифатида саёҳат қилар экансиз, Истанбул рўйхатингиз бошида туради. Султон Aҳмад, Сулаймония, Топкапи саройи, Aя София масжиди, Еребатан саройи, Галата минораси, Қиз Минораси каби кўплаб ташриф қоғозлари мавжуд. Бундан ташқари, Мардин, Aмася, Бурса шаҳарларига бориш айни муддао. Борди-ю денгиз, табиат ошноси бўлсангиз, Бодрум, Муғла, Трабзонга йўл олинг.
4️⃣ Туркия билан боғлиқ энг ёрқин хотирангиз ҳақида бўлишсангиз.
– Ёрқин хотирам. Улар жуда кўп... Келинг, Сизга бирини ҳикоя қилай: Қўлимга “Т-Инсон” деган китоб тушиб қолди. Машҳур футурист аёл томонидан ёзилган бу китобни бир ҳафта мук тушиб ўқидим-у, муаллиф билан учрашиш истаги туғилди. Уни интернет орқали қидира бошладим, “Forbes”нинг энг яхши 100 футурист аёлидан бири, қолаверса, ўша сафдаги ягона турк бўлганлиги истагимни янада кучайтирди. Қаҳрамон қидириб юрган кунларим. “Toastmasters International” спикерлар клубидаги дўстим ўзи ташкил этган “Sheroes&Heroes” номли тадбирга таклифнома жўнатибди. Тадбир бошланмасидан 10 дақиқалар олдин қаҳвамни олиб, эшик томонга йўналдим, не кўз билан кўрайки, рўпарамда ўша муаллиф Уфук Тарҳан турибди. Ўшанда тортишиш қонуни бехато ишлашига яна бир карра амин бўлдим.
5️⃣ Келажагингизни қандай тасаввур қиласиз?
– Таълим соҳасида жуда катта режаларим бор. Шуни очиқ айта оламанки, қаерда бўлмай, қаерда яшамай, келажагим Ватаним билан, ватандошларимнинг тақдири билан чамбарчас боғлиқ.
–Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат! Ватанимиз номини хорижий ўлкаларда муносиб ҳимоя этиш бахти ва масъулияти Сизни ҳеч қачон тарк этмасин.
–Aжойиб саволлар учун ташаккурларим!
манба 👉 https://mytraveluz.uz/
#путешествие #путешествия #природа