28/08/2024
Бу сафар чўққига чиқиш учун икки хил вариант бор эди: а) икки кунлик: биринчи куни 2500 метр баландликкача чиқиш, иккинчи куни эрта тонгдан чўққига чиқиб бориш ва ортга қайтиш; б) бир кунлик: кечаси ҳаракатланишни бошлаш, чўққига чиқиш ва қайтиш. Манзил узоқ: машина қўйилган жойдан чўққига чиқиб, қайтиб келиш қарийб 35 км., умумий кўтарилиш 3000 метр. Иккинчи вариантни танладик.
Шанба куни соат 23:00 да ҳамроҳим Сардор билан Тошкентдан йўлга чиқдик. Соат 01:45 да Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Испай қишлоғига етиб келдик. 02:00 да сафарни денгиз сатҳидан 1050 метр баландликдан бошладик. Йўлнинг дастлабки қисми Испайсой дарёси қирғоғи бўйлаб ўтади. Кечқурун юриш осон бўлди: ойнинг ёруғи, салқин ҳаво; олдиндаги чексиз йўл кўринмайди, сўқмоқ бўйлаб тез-тез юрамиз. 1 соату 20 дақиқада биринчи кўприкда бўлдик. Шу ерда астрофото/видео туширдик. Афсус, ой ёруғлиги учун юлдузлар ҳаракатини яхши муҳрлай олмадик.
Яна бир соат юриб, иккинчи кўприкка ҳам етиб келдик. Қоронғида кичик шаршарани суратга олдик, барибир табиий ёруғликка етмас экан. 1700 метр баландликдаги Катта Испай шаршарасини суратга олмасдан йўлда давом этдик. Шаршарагача 8,5 километрлик масофани 2,5 соатда босиб ўтибмиз. Сойнинг тошлар орасидан сизиб чиқадиган жойида таҳорат қилиб, бомдодни ўқиб олдик. Сой шу жойдан бошлаб ўзандан эмас, ер остидан оқиб ўтади. Сойнинг кейинги очиқ жойигача 3 км масофа бор.
Нонушта қилиб, озгина дам олганимиздан сўнг йўлда давом этдик. Аввалига яхши кетаётган сўқмоқ тиканли буталар орасига бурилди. Буталардан эсон-омон ўтиб, тошли йўлакка дуч келдик. Йўлнинг шу қисми сабрни синайдиган жой. Бу ерни тоғчи оғайнилар бекорга “тошли телбаворлик”, “тошли лабиринт” дейишмас экан. Икки километрлик масофа қаттиқ-қаттиқ, қиррадор қиррадор тошлар орасида ўтади. Яхшиям отлар юрган йўл темир тақаларнинг тош билан ишқаланиши оқибатида оқариб қолган, шунга қараб сўқмоқни топиш мумкин. Лекин бу йўл ҳам тошлар аро ўтади. Устида юки билан шу йўлдан юрган отларга ҳам раҳминг келади.
Денгиз сатҳидан 2250 метр баландликда Испайсойнинг очиқ ўзанидан сувларни ғамлаб олдик. Бундан юқорида очиқ сув манбаси йўқ. Яна бир тошйўлакдан ўтиб, ниҳоят нормал сўқмоққа тушиб олдик. Бу ёғига фақат тик кўтариламиз. Узоқдан Деволи сурхнинг қизил қоялари кўринмоқда. Дарвоқе, Деволи сурхнинг маъноси тожикчада “қизил девор”, “қизил қоя” деган маънони билдиради. Бу манзилга яқин қишлоқларда этник тожиклар истиқомат қилгани учун чўққи ва довон номлари ҳам тожикча аталган: Падар, Чодак, Обдор, Пиёзак.
3000 метр баландликка кўтарилганимизда чўққигача икки йўл кўринди. Биринчиси қисқароқ: кулуар орқали кескин қияликдан қояга кўтарилиш; иккинчиси узунроқ: Обдор (Абдар) довони орқали қояни айланиб ўтиш. Дарвоқе, альпинизм луғатидаги “кулуар” сўзи асли французча бўлиб, “ўтиш йўлаги, оралиқ” деган маънони билдиради. Одатда қоялар оралиғидаги қор, шағал ва тошлар тўпланган сойлик, пастликка “кулуар” дейилади. Шу пайтда икки саёҳатчи кулуардан тушиб келаётган экан. Улардан маслаҳат сўрадим. “Кулуар жуда тик. Обдор орқали айланиб чиқиш осонроқ” дейишди.
Рюкзакдаги оғирроқ нарсаларни шу ерда қолдириб, сув ва иссиқ кийимни олиб штурмга отландик. Обдор довонининг айрим қисмларида қор ҳали эримаган. Чуқурроқ жойда кичик музкўл ҳам мавжуд. Довоннинг белидан чапга қайрилиб, қояга чиқа бошладик. Анча тик ва қийин бўлган участка. Шу тоғнинг тепасига чиқиб, орқа томонга ўтиб олсак бас, у ёғи анча осон кечади. Довоннинг у тарафидан Чотқол, Пском ва Угом тизмасининг тоғлари яққол кўриниб турар экан. Тоғнинг қирраси бўйлаб 1 километрча юриб, бир неча алдамчи чўққилардан ўтганимиздан сўнг асл чўққи кўринди.
Соат 13:00 да денгиз сатҳидан 3550 метр баландликда жойлашган Деволи сурх чўққисига чиқдик. Сафарнинг энг ширин жойи шу: қийналиб мақсадга эришасан, чўққига чиқиб, атрофдаги гўзалликни ўз кўзинг билан кўриб, тананг билан ҳис қиласан – чексиз чарчоқлар бир зумда арийди. Кайфиятинг кўтарилади, тоғларнинг маҳобатидан кайф оласан, Яратганга чексиз шукроналар айтасан!
13:40 да тушишни бошладик. Бу сафар Обдор довонини айланиб эмас, кулуардан тушишга қарор қилдик. Кулуар анча паст, тош-шағал бўлиб, тушиш учун тажриба талаб қилинади. 50 дақиқада кулуар орқали қарийб 600 метрга пастладим. Агар довонни айланиб тушганимизда камида 2 соат вақт оларди. Лекин бу йўлни бошқаларга тавсия қилмайман. Яхшиси узоқроқ бўлса ҳам осонроқ йўлдан юрган маъқул.
Пастда тушлик қилиб, ортга қайтдик. Яна ўша “тошли лабиринт”дан ўтдик. Чиқишда бунчалик узунлигини сезмаган эканмиз. Шомдан олдин Испай шаршарасига етиб, съёмка қилдик. Кичик шаршара бўйида шомни ўқиб, йўлга тушдик. Яна чироқларни ёқиб, сой бўйидаги сўқмоқ билан ортга қайтдик. Соат 22:00 да Испай қишлоғидаги сафарни бошлаган жойимизга етиб келдик.
2024 йил 25 август
Тошкент – Испай – Деволи Сурх
Видеоси:
Деволи сурх чўққиси (3555 метр) Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида, Пском тизмасида жойлашган.