УМРАГА БОРГАНДА НАМОЗ ҚАНДАЙ ЎҚИЛАДИ?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Инсон уч кеча-кундузлик (тақрибан 96 км) узоқдаги жойга 15 кун ва ундан ортиқ муддатда туришни қасд қилиб борса, кўзлаган манзилига етиб борганда муқим ҳисобланади ва намозларини тўлиқ ўқийди. Йўлда мусофир бўлиб намозларини қаср қилиб ўқийди. Агар 15 кундан кам муддатга борса, мусофир ҳисобланади ва намозларини қаср қилиб ўқийди. Умрада ҳам худди шу йўсинда амал қилинади. Одатда одамлар 10, 15 ёки 20 кунга умрага боришади. Бу кунларнинг ҳам бир қисмида Мадинада, яна бир қисмида Маккада бўладилар. Агар Мадинада туриш куни 15 кундан кам бўлса, намозларни ўзлари ўқиганда, қаср қилиб ўқийдилар. Ўша ердаги имомга иқтидо қилиб ўқисалар, намозларни тўлиқ ўқийдилар. Маккада тургандаги намозларини ҳам худди шундай адо этадилар. Саудия Арабистонида умумий турадиган кунларини ҳисобламайди. Масалан, Мадина ва Маккада жами 15 ёки 20 кун турадиган киши, “Ҳар икки шаҳарда ҳам муқим бўламиз” деган тушунчага бормасликлари лозим. Валлоҳу аълам.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан нақл қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Умра кейинги умрагача қилган гуноҳларига каффоратдир...” (Саҳиҳи Бухорий, 1773).
Ато розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ансорий аёлга: “....Рамазон ойи келса у ойда умра қилгин, чунки рамазон ойидаги умра ҳаж қилган билан баробар савобга эгадир”-дедилар (Имом Термизий ривояти).
Мазҳабимиз хулосасига кўра умра суннати муаккададир. У буюк зиёратдир! Зеро, мусулмон киши бунда бутун қалби, руҳи ва бадани ила Аллоҳ таоло учун энг суюкли бўлган жойни зиёрат қилади. Бу омонлик диёрида кўнгиллар хотиржам бўлади, кўзлар эса уни кўришликка ошиқ бўлади. Бу диёр мусулмонлар қалбидан улкан ўрин эгаллаган Макка ва Мадинадир.